Санкт-Петербургдаги иқтисодий форумда россия ҳукумати вазирлари рецессия хавфидан огоҳлантиришди.
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми - Кремл ҳисобидан ҳар йили ўтказиладиган байрамона тадбирда ҳукуматнинг иқтисодий комплекси раҳбари байрам кайфиятини бузди.
«Рақамларга кўра, ҳа, ҳозир иқтисодиётимизда пасайиш кузатиляпти», — деди иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников. «Ҳозирги бизнес кайфиятига қарасак, менимча, биз рецессия арафасида турибмиз».
Россия Марказий банки раҳбари ҳам ўхшаш фикр билдирди.
«Охирги икки йилда иқтисодиёт юқори суръатда ўсди, чунки эркин меҳнат ресурслари фаол равишда жалб қилинди», — деди Эльвира Набиуллина 19 июнь куни ўтказилган муҳокама давомида. «Лекин тушуниш керакки, бу ресурсларнинг кўпчилиги деярли тугаган. Энди ўсишнинг янги моделини ўйлаб топишимиз керак».
Шунингдек, давлатга қарашли Сбербанк раҳбари Герман Греф ҳам ҳозирда жуда кўп муаммоларга дуч келаётганликларини тан олди. "Буни мукаммал бўрон деб аташ мумкин".
Уруш иқтисодиёти ва унинг оқибатлари
Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери 40 ойдан зиёд вақт ўтди ва Россия иқтисодиёти уруш режимида ишламоқда. Иқтисодиёт жадал ўсди, баъзида ҳаддан ташқари тез. Ғарб санкцияларига қарамасдан, у кутилмаган даражада чидамли чиқдибўлди. Кремл иқтисодиётни уруш эҳтиёжларига мослаштириб, мудофаа саноатига, қурол-яроғ, танклар, дронлар ва ҳарбий формалар ишлаб чиқаришга катта маблағ ажратди.
Мудофаа ишчилари ва аскарларга юқори маош ҳамда имтиёзлар берилиши орқали кўп инсонлар Украинадаги урушга жалб қилинди. Бу камбағал ва чекка минтақалардаги маҳаллий иқтисодиётларни фаоллаштирди ва урушга жамоатчилик қўллаб-қувватловини сотиб олишга ёрдам берди.
Бироқ ўз навбатида юқори маошлар инфляцияни ҳам кучайтирди. Шу сабаб Набиуллина октябрда асосий фоиз ставкасини 21%гача оширди. Саноат лоббиси эътирозларига қарамай, у инфляцияни тўхтатиш ва иқтисодиётни “совитиш” йўлидан қайтмади.
Бу чоралар самара берди — ҳозирда Россия кенг кўламли уруш бошланганидан буён илк жиддий иқтисодий секинлашувга дуч келмоқда.
Экспертлар нима дейди?
Ийкка Корхонен, Финляндия банки қошидаги Ривожланаётган бозорлар институти раҳбари:
«Менимча, кўплаб кўрсаткичлар ўсиш тўхтаганини ёки унга яқин эканини кўрсатмоқда. Ишлаб чиқариш ҳали ҳам ўсмоқда, лекин иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ўсиш йўқ».
Александр Коляндр, Европа сиёсий таҳлил маркази (Вашингтон):
«Икки йил давомида Россия иқтисодиёти ҳаддан ташқари қизиб кетган ҳолда ўсди. Ҳозирда у ўзининг табиий ўсиш даражасига қайтмоқда. Бу иқтисодий тузатиш деса бўлади. Ҳукумат учун асосий вазифа — бу жараённинг тўлиқ иқтисодий инқирозга айланиб кетишига йўл қўймаслик».
Рақамлар нима дейди?
2025 йилнинг биринчи чорагида Россия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1.4% га ўсди. 2024 йил охирида эса ўсиш 4.4% атрофида эди.
- Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда ЯИМ ўсиши тахминан 2% бўлади. Халқаро валюта жамғармаси эса бу рақамни 1.5% деб баҳоламоқда.
- Ишсизлик рекорд даражада паст — 2.3%. Бу меҳнат бозоридаги издан чиқишни акс эттиради, чунки кўплаб эркаклар Украинадаги урушга жалб қилинган.
- 2025 йилнинг биринчи ярмида инфляция 10%дан ошиб кетди. Набиуллина иқтисодиёт “қизиб кетгани” ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Июн бошида фоиз ставкаси 20%га пасайтирилди — бу рамзий қадам сифатида баҳоланди.
Набиуллина раҳбарлигидаги Россия макроиқтисодий жамоаси ушбу йўналишни сақлаб турибди. Кремлдаги айримлар учун бу секинлашув сўнгги икки йилдаги шиддатли ўсишга қарши зарур тузатиш сифатида қабул қилинмоқда. Аммо, агар у “қаттиқ қўниш”га айланса — жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Мария Снеговая, Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази, Россия дастури катта таҳлилчиси:
«Фоиз ставкасини юқори даражада сақлаган ҳолда, давлат иқтисодий секинлашувга эришди. Лекин агар иқтисодиёт реал пасайишга юз тутса, бу Кремл учун ҳам синов бўлади. Россия макроиқтисодий гуруҳи жуда хавотирда экани кўриняпти».
Эҳтимолий сиёсий оқибатлар
Ҳозирча президент Владимир Путин Набиуллина ва бошқа мулозимларни қўллаб-қувватлаяпти.
Форумдаги муҳокамадан кейин Путин нутқ сўзлаб, шундай деди:
«Баъзи мутахассислар ва экспертлар стагнация ва ҳатто рецессия хавфига ишора қилишмоқда. Албатта, бунга ҳеч қандай шароитда йўл қўймаслигимиз керак».
«Бизнинг энг асосий вазифамиз — иқтисодиётни мувозанатланган ўсишга ўтказиш», — деди Путин.
Санкциялар ва нефть нархлари
Санкциялар натижасида иқтисодиётнинг кўп соҳаларида чекловлар мавжуд. Шу сабабли Кремл янада кўпроқ нефть ва газ даромадларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бироқ 2025 йил бошидан буён нефть нархлари пасайди ва Молия вазирлиги ўз даромад прогнозига тузатиш киритди.
Коляндр: «Агар нефть нархи пасайса, санкцияларга риоя кучайтирилса ёки фуқаролик сектори ишлаб чиқариши камайса — у ҳолда иқтисодиёт жиддий муаммога дуч келиши мумкин. Лекин агар бундай бўлмаса, бу "юмшоқ қўниш" бўлади».
Мувозанатли ёки секин ўсиш иқтисодиётда маошларнинг ортишини чеклайди. Бу эса оддий оилалар бюджетига таъсир қилади. Одамлар илгаригидек фаровон турмушга ўрганиб қолишган — бу норозиликни кучайтириши мумкин.
“Независимая газета” нашрининг ёзишича, кўплаб компаниялар ходимларга иш ҳақларини вақтида тўлолмаяпти. Қатор минтақаларда кўнгилли аскарлар учун берилган бонуслар ҳам қисқартирилмоқда. Бу иқтисодий вазиятнинг маҳаллий даражада ёмонлашиб бораётганини кўрсатади.
Уруш тўхтамайди
Путин миллионга яқин қурбонлар — ўлган ва яраланганлар сонига қарамасдан ҳали ҳам урушни давом эттириш ниятида. 2025 йилда ҳукумат мудофаа ва хавфсизлик харажатлари учун тахминан 13.1 триллион рубл (144 миллиард доллар) ажратмоқчи. Бу ЯИМнинг 6.3%ини ташкил қилади — бу Совет иттифоқи қулаганидан буён энг юқори кўрсаткич.
«Афсуски, иқтисодий сабаблар туфайли бу уруш тўхтамайди. Россия ҳозирги даражада қурол ишлаб чиқаришни анча вақт давом эттира олади. Агар тўсқинлик бўлиши мумкин бўлган ягона омил бўлса — бу нефть нархининг пасайишидир», дейди Финляндия банки қошидаги Ривожланаётган бозорлар институти раҳбари Ийкка Корхонен.