Мутахассислар бу ҳолатни иқтисодий қийинчиликлар, таълим тизимидаги анъанавий қолиплар, коррупция ва муҳитдаги умумий самарасизлик билан боғламоқда. Бундан ташқари, хусусий ва хорижий таълим имкониятларининг кенгайиши ҳам танлов йўналишини ўзгартирмоқда.
"Сифатли таълимга ишонч йўқ"
Мактабни яқинда тамомлаган, косонсойлик 18 ёшли Элбек Россияга бориб ишлашга тайёрланмоқда. У ерда муҳожирларга нисбатан бўлаётган тазйиқлар ва олдинда кутилувчи қийинчиликларга қарамасдан, кетишга тайёр. Уни бу қарорга тирикчилик мажбур қиляпти. Университетга кириб, таълим олиши учун эса оилавий иқтисодий шароит етарли эмас.
"Иложи бўлганида, биз ҳам ўқирдик. Ўқишга контракт тўлаш керак, бориб-келишга ҳам вақт кетади. Шунинг ўрнига пул топганим афзал. Ҳозирча ўқиш ҳақида ўйлаганим йўқ. Ўқишни эмас, Россияга кетишни танладим, ишлаб пул топиш ниятим бор" - дейди у.
Элбекнинг тенгдоши, тошкентлик Азиза эса ўқишга кириш учун барча имкониятларга эга бўлишига қарамай, бу йил абитуриент бўлишни хоҳламади:
"Ўзбекистондаги давлат университетларида сифатли таълим олишимга ишончим йўқ. Мен замонавийроқ академик муҳитда, танқидий фикрлаш қадрланадиган жойда ўқишни истайман”.
Ўзбекистонда 2020 йилда 1 миллион 484 минг абитуриент давлат олийгоҳларига ҳужжат топширган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 732 минг 411 нафарга тушди ва сўнгги йилларда кузатилган энг кескин пасайиш бўлди. Абитуриентларни рўйхатдан ўтиш жараёни 26 июнда якунланди. Ҳозирча хусусий ва хорижий университетларга ҳужжат топширганлар сони ҳақида расмий маълумот берилмади.
Таълим соҳасида эксперт Комил Жалиловнинг фикрича, сўнгги йилларда профессор-ўқитувчилар орасида ҳам хусусий университетларга кетганлар кўпаймоқда. Бунга эса қоғозбозлик камлиги, муҳитнинг эркинлиги ва маошнинг нисбатан кўплиги сабаб:
“Ўзбекистонда фаолият юритаётган 201та олий таълим муссасининг 100таси давлатники. Демак, абитуриентларнинг кўпини нодавлат ва хорижий университетлар тортиб оляпти, давлатники ютқизяпти деган хулоса беришимиз ҳам мумкин. Умуман олганда, ўтган йиллар давомида давлат олий таълимининг сифати яхшиланмади. Нодавлат университетларнинг моддий техник базаси дуруст”.
Давлат университетларига қизиқиш билдирган абитуриентларнинг камайишига ҳаражатлар ҳам бир сабаб қилиб кўрсатилади. Ўқиш контрактлари, уй-жой ижараси, транспорт ва кундалик харажатлар фонида олий таълим айрим оилалар учун оғир молиявий юкка айланган.
“Чунки бу бир йиллик ҳаражат эмас. Ҳар йили ўқишга контракт тўлаш керак. Фарзандига пул топиб беришга кўзи етмаётган олилалар кўпайган бўлиши мумкин. Чунки, Ўзбекистонда умуман олганда иқтисодий шароит олдинги йилларга қараганда оғирлашиб бормоқда, буни тан олиш керак” - дейди Жалилов.
Гап фақат сифатда эмас
Маълумотларга кўра, давлат университетларидаги контракт тўловлари йўналишга қараб йилига 10 миллиондан 15 миллион сўмгача. Нодавлатларда — 20 миллиондан юқори, хорижий университет филиалларида эса бундан ҳам қиммат. Озодликда ҳозирча ҳар бир университетнинг контрактларига боғлиқ расмий маълумотлар мавжуд эмас.
2025 йилда тест синовида қатнашиш учун 187 500 сўм тўлаш талаб этилди. Албатта, айрим имтиёзлар бор, аммо улар барча абитуриентларни қамраб олмайди.
Ўқишга киришда белгиланган 40дан зиёд имтиёз асосан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва уларнинг фарзандларига тегишли. Бу эса оддий аҳолининг имкониятларини чеклаётгани ҳақида танқидларга сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, таниш-билишчилик, коррупция, баҳолашдаги шаффофсизлик ҳам ёшларнинг ишончини синдириши айтилади.
“Мен ҳам Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кирмаган бўлардим. Бунга бир неча сабаб бор. Ўзбекистондаги дипломлар кўплаб давлатларда тан олинмайди. Таълим жуда қиммат. Таълим сифати ва даражаси паст. Таълим тугагач, мутахассислик бўйича иш топишга кафолат йўқ. Олийгоҳларда коррупция кенг тарқалган ва ҳоказо. Чет элда ўқиш яхшироқ. Ҳеч бўлмаганда, Россия ёки Балтика давлатларида. У ерларда таълим сифати юқори ва кўпроқ ҳолатда арзонга тушади” , - деб ёзган Ағзам Ибрагимов исмли Фейсбук қўлланувчиси.
Тугатилган сиртқи таълим, репетиторлар ва миграция
2025-2026-ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистонда сиртқи таълим шаклига қабул расман тўхтатилган. Бу ҳам абитуриентлар сонининг қисқаришига бир сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Экспертлар фикрича, ушбу қарор ишлаб юрган ёки маълум иқтисодий шароитда бўлган ёшлар учун таълим олиш имкониятини қисқартирди. Айниқса, ўқитувчилар, юристлар, маҳаллий давлат идораларида ишловчи ходимлар орасида ўқишнинг сиртқи формасига талаб юқори эди.
Иытисодиёт фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова бу борада spot.uz нашрига бу борада шундай фикр билдирган:
“Сиртқи таълимни тугатишдан аввал таҳлиллар ўтказилиши керак эди. Бугун кимлар сиртқига қизиқиш билдириб, таълим олаётгани ва кимлар дарс бераётгани каби қатор саволларга сўровномалар орқали жавоблар олиниши зарур эди. Аммо сиртқи таълимга оид бирор тадқиқотни яқин орада кўрганим йўқ. Шунча ақл марказлари бўлса-да, уларнинг ҳеч бири томонидан илмий тадқиқотлар амалга оширилмади”.
Ўзбекистонда сўнги йиллари кўпайган касб-ҳунар марказлари, онлайн курслар туфайли кўпчилик ёшлар мустақил даромад олишга тезроқ киришишни мақсад қилгани ҳам айтилади. Тўрт йиллик таълим, катта харажат ва ноаниқ натижа - бу тенденциянинг ортидаги асосий омилдир.
Жорий йилда давлат университетларига ўқишга кираман деган ёшларнинг тенгидан кўп қизлардир. Буни кимдир мамлакатдаги демографик ҳолатга боғлиқ деса, айримлар ўғил болалар орасида мактабни тамомлаб, пул топиш учун иш излашга ёки Россияга кетишга мажбур эканига боғлайди.
“Ёшларнинг аксариятининг тил билмаслиги, ривожланган давлатларга бориш учун виза олиш муаммоси ҳам бор. Россияга эса визасиз борса бўлади, шунинг учун ёшларнинг кўпини Россия ўзига жалб қилади ва бу ҳавотирли тенденция. Негалиги охирги пайтларда бўлаётган воқеалар билан асослай оламиз”,- дейди таҳлилчи Комил Жалилов .
Шунинг у мактабдаги билим даражасига ҳам абитуриент танловига таъсир қилиши мумкинлигини, чунки, Ўзбекистонда абитуриентларнинг деярли барчаси репетитор хизматига муҳтожлиги қўшимчалади:
“Ўзбекистондаги мактабларнинг юқори синф ўқувчиларининг ҳаммасси репетиторга боради. Ҳеч ким мактабнинг таълимига ишонмайди. Улар мактаб берадиган илмга ишонса, кўчада қолиб кетишини билади. Ҳозирги абитуриентлар олий таълимга кириш учун қанчадир балл тўпласа, бу мактабнинг шарофати эмас. Репетиторга пул тўлаган ота-онанинг шарофати ва репетиторнинг шарофати”.
Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда олий таълимга киришда абитуриентнинг фикрлаш ёки таҳлил қилиш қобилияти эмас, кўпроқ эслаб қолиш (хотира) салоҳияти баҳоланади. Унга кўра, бу тизим ёшлар орасида мустақил фикрлаш кўникмасининг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Рейтинг ва рақобатбардошликнинг паст даражаси
Айни дамда Буюк Британиянинг QS Quacquarelli Symonds халқаро рейтинг агентлигининг QS World University Rankings–2025 натижаларига кўра, Миллий тадқиқот университети 469-ўринни, Ўзбекистон миллий университети эса 721-ўринни эгаллади. Бу, муайян ютуқ сифатида қайд этилса да, дунё миқёсида рақобатбардошлик ҳали паст дея баҳоланади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги 201та олийгоҳ 40 минга яқин абитуриентни грант асосида, 90 мингдан кўпини контракт асосида қабул қилиш қурбига эга. Кириш имтиҳонларида энг юқори балл олган 200та одамга президент гранти берилади. Максимал балл 189 деб ҳисобланади.
Бу йил рўйҳатдан ўтган 732 мингдан зиёт абитуриентнинг қанчаси имтиҳондан ўтиб талаба бўлиши августта аниқланади.
Хуллас, давлат университетларига қизиқишнинг пасайиши мураккаб, кўп омилли жараён бўлиб, у иқтисодий, ижтимоий ва таълим соҳасидаги тизимли муаммоларни ифодалайди.
Озодлик суҳбатлашган мутахассисларнинг таъкидлашича, агар таълим сифатини ошириш, тизимда шаффофликни таъминлаш, имкониятларни тенглаштириш ва бозор талабларига мослашиш бўйича самарали чоралар кўрилмаса, абитуриентлар сонидаги пасайиш тенденцияси келгусида ҳам сақланиб қолади.
Айрим таҳлилларда қайд этилишича, ёшларнинг чет элда таълим олиш ёки меҳнат миграцияси орқали ўз келажагини қураётгани мамлакатнинг интеллектуал захираси учун муайян чақириқлар туғдириши мумкин.
Форум